Аввал хабар қилинганидек, ИИВ Академияси магистратураси тингловчилари учун “Замонавий раҳбарлик ва бошқарув маҳорати” мавзуида ўқув курси ташкил этилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўтказилган машғулотлар давомида тингловчилар бошқарувнинг замонавий тамойиллари, раҳбар шахсга қўйилган талаб ва хусусиятлар, етакчилик қобилиятларини шакллантиришнинг илғор услублари бўйича малака оширдилар.
Тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан “Раҳбарнинг бошқарув кўникмаларини ривожлантириш”, “Жамоада ишлаш самарадорлигини ошириш”, “Танқидий таҳлил ва қарорлар қабул қилиш”, “Ижро самарадорлигини ошириш (ижрони бошқариш)”, “Раҳбар ва ташкилот имижини шакллантириш”, “Ходимларни мотивациялаш”, “Раҳбар ахлоқи ва маданияти”, “Медиасаводхонлик (журналист ва блогерлар билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари)”, “Раҳбарнинг эмоционал ва социал интеллекти”, “Стрессга бардошлиликни шакллантириш” мавзуларида интерфаол тренинглар олиб борилди.
Бугун ўқув курси якунлари бўйича тингловчилардан тест синови қабул қилиниб, уларга сертификатлар топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати