Бугун, 12 августдан Ички ишлар вазирлиги академияси магистратурасида ўқиш истагида бўлган номзодлар учун имтиҳонлар бошланди. Жараён танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принципи асосида амалга оширилмоқда.
Магистратурага қабул икки босқич – дастлабки махсус касбий танлов ҳамда якуний суҳбатдан иборат. Махсус касбий танловда ҳар бир номзоддан ёзма иш қабул қилиниб, тест синови орқали уларнинг компетенциялари баҳоланади. Бунда максимал баллнинг 55 ва ундан юқори фоизини қўлга киритган номзодгина, кейинги босқичда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Бу йил magistr.akadmvd.uz электрон манзилига Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, вилоятлар ИИБ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ИИББларидан уч юздан зиёд номзоднинг ҳужжатлари келиб тушди. Қабул жараёнида энг муносиб номзодлар ўқишга қабул қилинади ва бир йил мобайнида улар “ташкилий-тактик бошқарув” ҳамда “ташкилий-тактик бошқарув” мутахассисликлари бўйича таълим олади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларининг юриспруденция йўналишида бир йиллик педагогик иш стажига эга шаҳодатланган профессор-ўқитувчилари ҳам магистратуранинг II даражадаги “ташкилий-тактик бошқарув” мутахассислигида ўқишлари мумкин.
Имтиҳонлар 15 августга қадар давом этади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати