ИИВ Академияси магистратурасида якуний давлат аттестацияси бошланди. Дастлаб шу муносабат билан йиғилиш ўтказилиб, кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши масъуллари, Ички ишлар вазирлиги таркибий тузилмалари раҳбарлари, давлат аттестация комиссияси аъзолари, тингловчилар иштирок этган йиғилишни Академия раҳбари Рустам Хатамов олиб борди.
Таъкидланганидек, магистратурада ўқув жараёни модулли тизим асосида амалга оширилиб, бунда асосий эътибор ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматларини бошқаришга қодир универсал раҳбар кадрларни тайёрлашга қаратилди. Машғулотлар давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, шунингдек республикамизнинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда Академиянинг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан илғор ёндашувлар асосида олиб борилди. Ҳар бир ўқув модули якуни бўйича тингловчилар Ички ишлар вазирлигининг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига малакавий амалиётга жалб қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиниб, магистрларнинг замонавий бошқарув ва етакчиликка оид кўникмалари мустаҳкамланди. Ўқув йили якунида эса “ташкилий-стратегик бошқарув” ва “ташкилий-тактик бошқарув” йўналишларида таълим олаётган 52 нафар тингловчи учун Хитой, Туркия, Жанубий Корея, Россия ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари давлатларида малака ошириш курслари ташкил этилди.
Йиғилишда тингловчилар билан таълимнинг илғор механизмлари асосида амалга оширилган ўқув жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг Ички ишлар вазирлигининг якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қабул қилинган буйруғи эълон қилиниб, комиссия аъзолари ҳамда битирувчиларга қўйилган талаблар етказилди. Сўзга чиққанлар ички ишлар органларининг тубдан ислоҳ қилингани натижасида бошқарув кадрларига талаб ортиб бораётгани, тизимни халқчил тузилма сифатида шакллантириш ходимларнинг стратегик ёндашувга асосланган раҳбарлик маҳорати, етук салоҳияти, касбий фазилатлари ҳамда фаолиятни янгича мезонлар асосида ташкил этишига боғлик эканини таъкидлаб ўтдилар.
Шу куни якуний давлат аттестацияси доирасида тингловчилардан дастлабки имтиҳонлар қабул қилинди. Имтиҳон ва магистрлик диссертацияси ҳимоялари 26 июлга қадар давом этади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати