Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносиб қарши олинди.
“Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, санъат арбоби Рустам Абдуллаев, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Мирзо Карим, Ўзбекистон жит кун до федерацияси раиси Тимур Мамажонов, шунингдек таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этди.
Эътироф этилганидек, 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзидир. Давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонунда юртимиз фуқаролари ва мамлакатимизда яшаб турган барча шахслар мадҳияга юксак ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиши қатъий мустаҳкамлаб қўйилган.
Мусиқашунос олим Рустам Абдуллаев давлат мадҳиямизнинг яратилиш тарихи ҳақида гапириб, шундай деди: “Ўша даврлар давлатимиз миллий рамзлари қатори, мадҳиямизнинг сўзи ва мусиқасини яратиш устида ҳам кўп изланишлар олиб борилди. Мадҳия учун эълон қилинган танлов якунига кўра, Абдулла Орипов шеъри ва Мутаваккил Бурҳонов мусиқаси танлаб олинди. Бугун шонли санага ўттиз йил тўлди. Орадан йиллар ўтади, аммо Ўзбекистон мадҳияси юксак ғурур ва ифтихор рамзи сифатида асрлар оша барҳаёт янграйверади”.
– Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз, – дейди Академия кундузги таълимининг 2-босқич курсанти Донохон Олимова. – Ватан учун хизмат қилишни мақсад қилган ҳар бир ўғил-қиз учун бу жуда муҳим тарбиявий восита. Чунки мадҳияни жўр бўлиб куйлаганда қалбимизда мардлик, садоқат ва шижоат туйғулари жўш уради, янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг порлоқ келажагига қатъий ишонч пайдо бўлади.
Тадбирда мадҳиямизда тараннум этилган умуминсоний туйғулар, мамлакатимизнинг жаҳондаги обрў-эътибори ва қудратини янада юксалтиришда унинг беқиёс ўрни ҳақида муҳолазалар билдирилди. Халқаро ареналарда зафар қучаётган спортчиларнинг чиқиши барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати