Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги ПҚ-1-сон қарори маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш орқали халқимизнинг тушмуш фаровонлигини оширишга қаратилган.
Қарор асосида ИИВ академиясига пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидан бешта маҳалла бириктирилган.
Мазкур маҳаллалар уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётгани боис, жиноятчиликни жиловлаш яхлит тизим асосида ташкил этилмоқда. Масъуллар, “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари, академия профессор-ўқитувчилари томонидан аҳолини ташвишга солаётган ҳар бир муаммо ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Ўрганишлар давомида “Аҳиллик”, “Бешкапа”, “Элобод”, “Сайрам” ва “Шаҳрисабз” маҳаллаларида 30 дан зиёд “жиноят ўчоқ”лари аниқланиб, куч ва воситаларнинг асосий қисми мазкур ҳудудларга йўналтирилди. Криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ҳудудларга замонавий камералар ўрнатилиб, ички ишлар органларига интеграция қилинди. Кўп қаватли уйлар, жамоат жойлари ташвиш тугмалари билан таъминланиб, 50 дан ортиқ хонадон ва объектлар қўриқловга олинди.
Бундан ташқари, “хонадонбай” ўрганишлар натижасида ижтимоий профилактика объектлари аниқланиб, “маҳалла еттилиги” тизимига нома-ном бириктирилди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ҳимоя ордерлари расмийлаштирилди.
Ҳозирда “маҳалла еттилиги” ходимлари билан ҳамкорликда “йўл харита”ларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш бўйича янги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати