9 январь куни пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг ўттиз йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан марафон мусобақаси ўтказилди.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Триатлон федерацияси ташаббуси билан “Мен ғолиб” шиори остида ташкил этилди.
Тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси вакиллари, ИИВ Академияси, ФВВ Академияси, ДХХ Академияси, Қуролли Кучлар Академияси, Жамоат хавфсизлиги университети ва Божхона институтидан курсант ёшлар, шунингдек ҳаваскор спортчилардан иборат 500 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.
Марафончилар “Халқлар дўстлиги” саройи майдонидан старт олиб, “Фурқат”, “Бешёғоч”, “Ислом Каримов”, “Амир Темур” кўчалари ҳамда Амир Темур хиёбонининг айланма йўли бўйлаб 10 километр масофани босиб ўтишди. Мусобақа якунига кўра Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари турдош олий таълим муассасалари ўртасида умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси жамоаларига насиб қилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати