Яқинда Россия Федерацияси Федерал жазони ижро этиш хизмати Ҳуқуқ ва бошқарув академияси томонидан ижодий танлов ўтказилди.
Инглиз тилида онлайн форматда ташкил қилинган танловда россия ва беларуслик ёшлар қаторида, Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари ҳам иштирок этди. Улар “English speaking countries”, “English souveniers”, “English for professional purposes” ҳамда “English party” шартлари бўйича беллашдилар.
Танловнинг илк шартида иштирокчиларга инглиз тилида сўзлашувчи давлатлар ҳақида 40 та савол йўлланди. Академиямиз курсанти Зебинисо Қаршибоева 35 та саволга тўғри жавоб бериб, 3-ўринни эгаллади.
Иккинчи шартда қўл меҳнати билан ясалган ижод намуналари тақдимот тарзида ҳавола этилди. Иқтидорли курсантларимиз Сардор Раҳимберганов, Султонбек Ўринбоев, Мустафо Муродов тайёрлаган “Биг Бен” минорасининг макети “Креатив дизайн” номинациясига сазовор бўлди.
Кейинги шарт видеороликлар тақдимотига бағишланди. Курсантлар ўз чиқишлари орқали инглиз тилининг касбий фаолиятдаги аҳамиятини ёритиб бердилар. Ранг-баранг чиқишларга бой ўтган ушбу шартда Зебинисо Қаршибоева ва Элнура Эрмонова фахрли 1-ўринни, Муҳаммадали Тошбеков эса “Энг яхши нутқ” номинациясини қўлга киритди.
Ниҳоят, танловнинг инглиз тилида қўшиқ ва шеърлар ижро этишга бағишланган сўнгги шартида Мустафо Муродов “Энг ифодали шеър ўқиш” номинациясига лойиқ кўрилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати