Юртимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги нишонланаётган шукуҳли кунда Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари она Ватанимиз ва халқимизга содиқ бўлишга қасамёд қилдилар.
Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, соҳа хизматларининг раҳбарлари, шунингдек Олий Мажлис Сенати, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари, турдош олий таълим муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, фахрийлар ҳамда курсантларнинг ота-оналари иштирок этдилар.
Байрам шукуҳи ила ўтган тантанада ИИВ Академияси бошлиғи полковник Рустам Хатамов иштирокчиларни ҳамда меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги билан қизғин қутлади. Шундан сўнг профессионал ички ишлар органи ходими бўлиш мақсадида ўқув даргоҳига қадам қўйган курсантлар буюк аждодларимизнинг муносиб вориси сифатида она Ватанимиз ва халқимизнинг чин маънодаги ҳимоячиси бўлишга қасамёд қилдилар.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўз олар экан, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор жиҳатларига тўхталди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг сифат жиҳатдан янги тизими жорий этилган. Академияда ўқитишнинг интерфаол методлари, жумладан, ўқув тезкор-тергов гуруҳлари фаолияти, ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда онлайн ва базавий амалиёт машғулотлари, сайёр суд мажлисларини ўтказиш, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш каби илғор механизмлар амалга киритилган.
Таълимга ўқитишнинг илғор ютуқларини татбиқ этилиши ягона мақсадга, яъни тизимни замонавий билимларни пухта эгаллаган, ҳар қандай хавф-хатарга қарши матонат билан курашишга тайёр, ислоҳотлар талабига мос халқпарвар кадрлар билан таъминлашга қаратилгандир.
Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов курсантларни қутлаб, Янги Ўзбекистоннинг эртанги истиқболи ёш авлод қўлида эканлигини, ёшлар зиммаларидаги бурч ҳамда масъулиятни муносиб оқлаб, Ватанимиз равнақи ва фаровонлиги учун сидқидилдан билим олишлари зарурлигини таъкидлади.
Тадбирда ўқишдаги ютуқлари билан тенгдошларига намуна бўлаётган бир гуруҳ иқтидорли курсантлар ички ишлар вазири ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” номидаги стипендияларга сазовор бўлдилар.
Жараёнда курсантлар ва ота-оналар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг келажак мақсади ва истиқболи йўлида яратиб берилаётган улкан имкониятларни эътироф этишди. Она Ватанимизни мадҳ этувчи қўшиқлар тадбирга байрамона файз бағишлади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати