ИИВ Ўқув-дала марказида Академия кундузги таълим бакалавриатининг биринчи ўқув курсига қабул қилинган курсантлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан ички ишлар органларида “Интизом ойлиги” доирасида ташкил этилган тадбирда замон талаблари даражасида таълим олишнинг долзарб аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
Учрашувда полковник Сирочжон Бердикулов, подполковник Илҳомали Калонов, майор Фарҳод Тоштемиров ва бошқалар сўз олиб, мамлакатимиз ёшларининг билим ва касб эгаллаши йўлида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, Академия курсантлари учун яратилган шарт-шароитлар, ёшлар билан тизимли ишлашга қаратилган механизмлар, айни пайтда ёшларнинг профессионал кадрлар бўлиб етишиши учун талаб этиладиган асосий мезонлар ҳақида маъруза қилишди.
Бугунги мураккаб шароитда Янги Ўзбекистон ёшлари мустаҳкам билим, кучли иштиёқ, фаол ташаббус, фидойилик, ватанпарварлик, мардлик намуналарини кўрсатиб, келажак мақсадлари сари оғишмай ҳаракат қилишлари, яратилган барча имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўз ютуқлари билан мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишлари лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Мулоқот давомида жорий йил қабул қилинган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси талаблари ҳам етказилди. Курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, аъло баҳоларга ўқиш, жанговар ва жисмоний кўникмаларни пухта эгаллашга ваъда беришди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати