Наврўз айёми кунлари турли спорт мусобақаларини ўтказиш қадимий анъаналаримиздан саналади. Бу орқали меҳр-оқибат, тотувлик ва ҳамжиҳатлик таруннум этилган.
Байрам арафасида ИИВ Академиясида кўпкураш мусобақаси уюштирилди. Унда барча таркибий тузилмаларда хизмат қилаётган ходимлар ҳамда магистратура тингловчилари тош кўтариш, армрестлинг, югуриш ва арқон тортиш бўйича ўзаро беллашдилар.
Мусобақа қизиқарли курашлар остида ўтди. Иштирокчилар эпчиллик, маҳорат ва жисмоний тайёргарлик бобида ўзларини намоён этишди. Беллашув якунида ҳар бир йўналиш бўйича энг кучлилар саралаб олинди.
Жумладан, тош кўтариш бўйича Ҳарбий тайёргарлик кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Сергей Петрянин ғолибликни қўлга киритган бўлса, арқон тортиш мусобақасида Қўриқлаш отряди жамоаси тенгсиз бўлди. Армрестлинг баҳсларида Ички ишлар органларининг маъмурий фаолияти кафедраси ўқитувчиси, лейтенант Ҳожиакбар Абдухалилов, Магистратура тингловчиси, майор Бобур Боймуратов, Оркестр катта мусиқачиси, сафдор Шерзод Артикбаев ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлубиятга учратишди.
Мусобақанинг уч минг метрга югуриш баҳсларида эса ғолиблик турли ёш тоифалари бўйича аниқланди. Унга кўра, Саф қисми отряд командири, катта лейтенант Сарвар Раҳимов, Оркестр катта мусиқачиси, сафдор Нариман Байдаулетов, Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими етакчи илмий ходими, капитан Фазлиддин Арипов, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси ўқитувчиси, майор Фаррух Ғаниев, Қўриқлаш отряди ходими, кичик сержант Акил Имамкуловлар энг яхши натижани қайд этишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати