Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Криминоген хавфларни бартараф этиш – бугуннинг долзарб масаласи

19 Феврал 2026, 17:54

55

“Навбаҳор” маҳалласи Чилонзор туманининг аҳоли гавжум қисмида жойлашган. Ҳудуддаги бозор, савдо дўконлари ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш объектлари бир томондан аҳолига қулайлик яратаётган бўлса, бошқа томондан ҳуқуқбузарликлар содир этилиш хавфини оширмоқда.

ИИВ академияси бошлиғи мазкур маҳалланинг криминоген вазиятини ўрганиб, “пойтахт намунаси” асосида кўп қаватли уйлар, кўчалар ва жамоат жойларида осойишталикни таъминлаш, одамлар учун хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида қилинаётган ишлар, амалиётга жорий қилинган тажрибалар билан танишди.

Дастлаб Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган долзарб вазифалар ижроси юзасидан ҳудуд масъуллари, академия ишчи гуруҳи вакиллари ҳамда “маҳалла еттилиги” тизими ходимларининг ахбороти тингланди. Маҳалланинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар муҳокама қилинди.

Маълум бўлишича, “Чилонзор” метро бекати, гул бозори ва айрим дўконлар атрофи ўғирлик жиноятлари кўп қайд этиладиган “жиноят ўчоқ”лари сифатида баҳоланган. Мазкур ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида патруль-пост хизмати ва академия курсантларидан иборат қўшимча патруллик гуруҳлари ташкил қилиниб, криминоген нуқталарга йўналтирилган.

Бундан ташқари, жойларга 78 та видеокузатув, 10 та “Face ID”, 2 та “PTZ” камераси, 20 та тунги чироқ, 28 та “SOS” ташвиш тугмаси ўрнатилиб, хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Маҳалладаги 900 дан зиёд хонадон ўрганилиб, 30 нафарга яқин ижтимоий профилактика объекти аниқланди ва “маҳалла еттилиги” ходимларига номма-ном бириктирилди.

Сайёр қабуллар давомида фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатлар асосида 60 га яқин муаммоли масалалар ижобий ҳал қилинди. Профилактик тадбирларни кучайтириш мақсадида “тарғиботчи гуруҳ”лар ташкил қилиниб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Академия бошлиғи масъуллар билан биргаликда чораклик “йўл харита” бандларини бирма-бир муҳокама қилди. Манзилли чора-тадбирлар “жиноят ўчоқ”ларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, пойтахт аҳли ва меҳмонлари учун хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлаб, тизим самарадорлигини ошириш юзасидан вазифаларни белгилаб берди.

Шу куни таълим муассасаси вакиллари маҳалла ҳудудидаги “қайноқ нуқта”ларга чиқиб, фуқаролар билан мулоқот қилди. Метро бекати яқинида 24 соат давомида фаолият юритаётган мобиль автобус имкониятлари билан танишди. Масъулларга ҳуқуқбузарликлар кўп қайд этиладиган жойларга қўшимча куч-воситаларни йўналтириш, криминоген вазиятни мунтазам назорат ва таҳлил қилиб бориш, хавф юзага келганда зудлик билан бартараф этиш борасида тавсиялар берилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech