Бугун ИИВ Академиясида “Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий чоралари” мавзуида умумакадемик конференция ўтказилди.
Маълумки, 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан таълим муассасасида “Коррупцияга қарши курашишга оид билимларни ошириш ҳафталиги” эълон қилинган.
Ҳафталик доирасида ташкил этилган конференцияда сўзга чиққанлар коррупцияга оид жиноятлар тушунчаси ва унинг миллий қонунчилигимизда белгиланишининг ижтимоий зарурати, коррупцияга қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий жиҳатлари ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари, Коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муаммолари, коррупцияга қарши курашишга оид билимларни ошириш каби долзарб йўналишларда маърузалар қилдилар.
Анжуман иштирокчилари ўз чиқишларида мазкур мавзунинг долзарблиги ва амалий аҳамиятини, коррупцион жиноятларнинг таҳлили, уларнинг олдини олиш хусусиятлари, содир этилишининг сабаб ва шароитлари, бу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, хорижий давлатлар илғор тажрибасига оид масалаларга батафсил тўхталиб ўтдилар.
Жиноят ҳуқуқи кафедраси профессор-ўқитувчилари, кундузги таълим курсантлари ҳамда “Адолат” иқтидорли курсантлар тўгараги аъзолари иштирок этган конференция якунида коррупцияга қарши кураш тизимини такомиллаштириш, коррупцион жиноятлар содир этилишининг олдини олиш борасидаги ишларни янада кучайтириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар шакллантирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати