Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

КОРРУПЦИЯ БОР ЖОЙДА ТАРАҚҚИЁТ БЎЛМАЙДИ

11 Июнь 2022, 07:06

1463

Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган маънавият ва маърифат дарсида коррупциянинг миллий тараққиётимизга таҳдиди ҳақида сўз борди.

Таълим муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар иштирок этган тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маъруза қилди.

Ҳар қайси мамлакат юксалишнинг ўзига хос йўлини танлар экан, жамият ривожига тўғаноқ бўлувчи тўсиқларга барҳам беришга ҳаракат қилади. Коррупция ҳам ўз номи билан ана шундай хатарлардан бири саналади. Унинг замирида давлат ва жамият ҳаётига ўнглаб бўлмас талофат етказувчи вайронкор оқибатлар мавжуд. Коррупция мамлакатни ич-ичидан емириб, халқнинг давлатга нисбатан ишончини сўндирадиган, жамиятда норозилик кайфиятининг юзага келишига сабаб бўладиган кучдир. Шу боис, ҳуқуқий маданияти шаклланган ҳар бир шахс унга қарши онгли равишда курашмоғи лозим. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бунинг учун бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Хусусан, изчил ислоҳотлар даврида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни (2017 йил 3 январь) қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхоновнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати доирасида аниқ мақсадли дастурлар ҳаётга татбиқ этилиб, бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда мамлакатимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш йўлида қилинаётган кенг кўламли ислоҳотлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ролини кучайтириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришнинг устувор йўналишлари атрофлича таҳлил қилинди. Бу борада 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан долзарб фикр-муҳолазалар билдирилди. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламини “ҳалоллик вакцинаси” билан озиқлантириш, пировард натижада, инсон қадр-қимматини улуғлашга, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек тадбирда Академия бошлиғи Рустам Хатамов ҳам сўз олиб, ички ишлар органларини халқчил тузилма сифатида шакллантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, соҳа ходимларининг касбий ва маънавий-ахлоқий салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш орқали тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан механизмлар амалиётга татбиқ қилинаётганини айтиб ўтди.

Шу куни давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бир гуруҳ ходимларнинг фарзандлари таълим муассасасига ўқишга кириш имтиёзини берувчи тавсиянома ҳамда тақдимномалар билан тантанали равишда тақдирланди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech