Жамият учун энг хатарли иллатлардан бири коррупциядир. У қонун устуворлиги ва адолатнинг издан чиқиши, давлат органларига бўлган ишончнинг пасайишига олиб келади.
Ички ишлар вазирлиги академиясида “Коррупция – жамият ҳаёти ва тараққиётга таҳдид” мавзуига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда вазирлик Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг таълим муассасалари бўйича бўлими вакиллари, Сиртқи таълим факультети профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар коррупциявий ҳолатлар туфайли юзага келадиган таҳдидлар, жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, айниқса инсон ҳуқуқлари ва эркинларини таъминлашда ушбу иллатнинг таъсири, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш омиллари хусусида тўхталдилар.
Кейинги йилларда барча соҳалар қатори ички ишлар органлари тизимида ҳам коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, ушбу иллатга таг-томири билан барҳам бериш устувор мақсадлардан эканлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан тайёрланган видеоролик намойиш қилинди. Тингловчилар нафақат бугун, балки келгусида ҳам ҳар қандай шароитда бўлмасин, бундай жиноятлардан огоҳ бўлишлари, коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши муросасиз курашишлари кераклиги қатъий таъкидланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати