Ички ишлар органларида коррупцияга қарши курашиш муҳитини шакллантириш мақсадида қисқа муддатли ўқув-семинар ташкил этилди. Машғулотлар ИИВ Академиясида ўтказилмоқда.
Ўқув-семинарга Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳри ва вилояти ИИББ, вилоятлар ИИБларидан жами 34 нафар ходим жалб қилинган.
Уч кун давомида коррупцияга қарши курашишнинг миллий ва халқаро ҳуқуқий асослари, коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитлари, ички ишлар органлари ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жамиятда “ҳалоллик вакцинаси”ни жорий этиш, коррупциявий жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, комплаенс назоратнинг мазмун-моҳиятига бағишланган мавзуларда машғулот ўтказилади.
Машғулотлар Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходимлари томонидан замонавий интерфаол ёндашувлар асосида олиб борилади. Ўқув-семинар якунида синовларни муваффақиятли топширган ходимларга сертификат берилади.
Мотивацион хусусиятга эга бундай ўқув курслари ички ишлар органларида соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, содир этилиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларнинг барвақт олдини олиш, тизим ходимларининг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати