ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси таълим муассасалари бўйича бўлими ташаббуси билан ўтказилган тарғибот тадбири таълимда коррупция иллатига барҳам бериш масаласига бағишланди.
Академия кундузги таълимининг 2-босқич курсантлари иштирок этган тадбирда коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида сўз борди. Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси таълим муассасалари бўйича бўлимининг ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили, подполковник О. Бозоров сўзга чиқиб, ушбу иллатга қарши курашиш барчанинг фуқаролик бурчи эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Коррупция жамиятнинг энг хавфли душмани, – деди у. – Таълим тизимида таъмагирлик, порахўрлик, таниш-билишчиликнинг пайдо бўлиши мамлакат тақдирини хатарга қўяди. Афсуски, орамизда “ишим битди, қолгани менга нима” қабилида фикр юритиб, ўз манфаатини устун қўядиган лоқайд кимсалар ҳам йўқ эмас. Баъзида имтиҳон жараёнига ноқонуний аралашувларга ҳам дуч келамиз. Бундан ҳолатларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Шуни англашимиз керакки, ҳар биримиз коррупция балосига қарши онгли равишда курашмас эканмиз, кўзлаган мақсадимизга эришолмаймиз.
Тадбирда коррупциянинг кўринмас таҳдид ва оқибатлари тушунтириб ўтилди. Ички ишлар органларида ёш ходимлар томонидан содир этилаётган бу каби жиноятлар таҳлил қилинди. Курсантлар юртга дахлдор, ватанпарвар, огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақирилди. Айни мавзуга дахлдор “Нафснинг сўнгги манзили” фильми намойиш этилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати