Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Коррупция балосига йўлиқманг!

22 Июнь 2023, 09:06

920

Халқимиз “Одамнинг оласи ичида” дея бекорга айтмайди. Афсуски, мўмай пул эвазига ўқишга киритишни ваъда қиладиган одамлар орамизда йўқ эмас. Бундай кимсалардан огоҳ бўлиш, уларнинг ноқонуний қилмишини ўз вақтида тўхталиб қолиш барчанинг вазифаси.

ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Таълим муассасалари бўйича бўлими томонидан вазирликнинг Фарғона вилоятидаги академик лицейида учрашув ўтказилди. Ўқув маскани битирувчилари, ўқитувчи-мураббийлар ва ота-оналар иштирок этган тадбир ёшлар тақдири билан боғлиқ муҳим масала – олий таълим муассасасига қабул жараёнларида коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олишга бағишланди.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг изчил сиёсати туфайли олий таълим тизимида кенг қавровли ислоҳотлар амалга оширилиб, ёшлар учун кенг имкониятлар яратилди. Ўқув муассасаларига қабул жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши муросасиз курашиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида таълимнинг узлуксиз тизими жорий қилиниб, ИИВ Академиясига ўқишга қабул қилиш қамрови сезиларли оширилди.

– Бироқ фарзандининг тақдирига юзаки қараб, турли ноқонуний йўллар билан уларни ўқишга киритишга ҳаракат қиладиган ота-оналар ҳам бор, – деди Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Таълим муассасалари бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Ўткир Қосимов. – Бундай ҳолатларга қарши курашиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Барчамиз бир нарсани чуқур англашимиз керак, коррупция ва у билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар қаерда бўлмасин, жамиятни таназзулга етаклайди.

Учрашувда ана шундай салбий иллатлардан ҳушёр бўлиш, ёшлар келажаги йўлида қилинаётган эзгу ишлардан оқилона фойдаланиш, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, унга қарши курашишда юртга дахлдор, ватанпарвар ва муросасиз муносабатда бўлиш ҳақида зарур тавсиялар берилди. Тадбир якунида барчани огоҳликка даъват этувчи буклетлар тарқатилди.

Айтиш жоизки, вазирлик тасарруфидаги барча академик лицейларда ўтказилган бу каби учрашувлар бўлажак имтиҳонлар олдидан юртдошларимизнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech