ИИВ Академияси курсантлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг ўттиз бир йиллигини муносиб қарши олдилар. Сана муносабати билан ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Дастлаб кундузги таълимнинг 1-ўқув курси курсантлари ўртасида “Қомусимиз билимдонлари” мавзуида викторина ташкил қилинди. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган беллашувда 7 та жамоа қатнашди. Уч шартдан иборат викторина якунида 1-отряднинг “Конспирант” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Шундан сўнг академия саф майдонида 2-ўқув курси курсантлари иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” шиори остида бўлиб ўтган ўйин ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилди. Баҳс ва мунозараларга бой ўтган беллашувда 213-гуруҳ курсантлари энг кўп очко жамғариб, биринчи ўринга сазовор бўлди.
Конституция кунига бағишланган тадбирлар пойтахтимиздаги Қуролли Кучлар музейи ҳамда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида намойиш этилган спектакль томошалари билан давом этди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати