Ички ишлар вазирлиги академиясига Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Шин Мёнг Соп бошчилигида мазкур ташкилот вакиллари ташриф буюрди.
Жанубий Корея Ўзбекистоннинг тарих синовидан ўтган ҳамкорларидан бири саналади. Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар юксак ишонч руҳида ривожланди. Айни пайтда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Таълим, яшил энергетика, рақамли технологиялар ва бошқа муҳим соҳаларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги фаол иштирок этиб келмоқда.
Халқаро ташкилот вакилларининг ташрифи академия фаолияти билан танишувдан бошланди. Меҳмонларга таълим жараёнлари, хусусан, бакалавриат ва магистратура босқичига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар, академиянинг замонавий инфратузилмаси, шунингдек, ахборот-ресурс маркази, спорт мажмуаси, маънавият ва маърифат марказининг имкониятлари хусусида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг KOICA ва академия раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқларини тарихий яқинлик, ўхшаш маданият ва қадриятлар боғлаб туришини, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда янги босқичга кўтарилганини алоҳида эътироф этишди.
– Ўзбекистоннинг яқин ҳамкори сифатида мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб борамиз. Сўнгги йилларда жадал ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунга, аввало, Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, инвестицион муҳитнинг яхшилангани туфайли эришилди, деб биламан. Шу боис, ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан манфаатдормиз, – деди KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Шин Мёнг Соп.
Академия бошлиғи меҳмонларни қутлар экан, ўзаро муносабатларимиз асоси азалий дўстлик, самимий ҳурмат ва ўзаро ишонч тамойиларига қурилганини алоҳида қайд этди.
– Ташрифингизни кўп қиррали ҳамкорлик сари ташланган муҳим қадам сифатида қабул қиламиз, – деди академия бошлиғи Рустам Хатамов. – Мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалар, айниқса, таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўпланган. Бугунги кунда академиямиз хорижнинг етакчи олийгоҳлари қаторида Корея миллий полиция университети билан ҳам самарали тажриба алмашинувини йўлга қўйган. Ўйлайманки, самимий мулоқотимиз давомида эришилган келишувлар ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлайди.
Учрашув давомида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида таълим самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, икки мамлакатнинг турдош олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни кенгайтириш ва бошқа долзарб йўналишлар муҳокама қилинди. KOICA вакиллари ўқув даргоҳида амалга оширилаётган янгиланишларни эътироф этиб, ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати