Таниқли ижодкорлар Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб, ёшлар билан мулоқот қилдилар.
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир аввалида меҳмонлар ахборот-ресурс маркази фаолияти билан танишдилар. Масканда яратилган замонавий шароитлар, айниқса буюк аждодларимиз номига аталган синфхоналар санъат ва адабиёт вакилларида катта таассурот қолдирди.
Курсант ёшлар билан ижодий учрашувда элимиз ардоғидаги ижодкорлар инсон маънавиятининг юксалишида адабиётнинг ўрни, жамиятда китобхонлик даражасини ошириш, аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятининг ибратли жиҳатларига тўхталиб, ёш авлод вакилларини илм-маърифатли бўлишга ундадилар.
– Бугун биз Ватан учун кўзлари ёнган ўғил-қизларимиз билан учрашдик. Уларнинг адабиётга, шеъриятга, санъатга бўлган қизиқишини кўриб, рости, қувондик. Китоб ўқиш инсонга асло зиён қилмайди. Ўзим ҳам кўп мутолаа қиламан, шеъриятни яхши кўраман. Бундай учрашувлар инсонга кучли мотивация, ижодий жўшқинлик бағишлаши билан аҳамиятли, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Дилоров Каримова.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ҳулкар Ҳамроева ва Иқбол Қўшшаева ҳам ўз мулоҳазаларини билдириб, ёшларга керакли тавсиялар улашдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати