Ички ишлар вазирлиги академиясида таълимнинг самарали механизмлари кенг жорий қилинган. Шулардан бири “Кичик финал” комплекс ўқув машғулотларидир.
“Кичик финал” мутахассислик йўналишлари учун мўлжалланган ўқув машғулотлари бўлиб, курсантларнинг амалий кўникмаларини бойитиш ва келгусидаги фаолиятига мослашишини таъминлаш мақсадида ўтказилади.
Машғулотлар жараёнида билимларни амалий жиҳатдан қўллаш, процессуал ҳаракатларни мустақил равишда бажариш, энг муҳими, теркор вазиятда тўғри қарорлар қабул қилиш зарурати пайдо бўлади. Шу боис, “кичик финал”ни ўзига хос синов майдонига қиёслаш мумкин.
Куни кеча кундузги таълим 2-ўқув курси курсантлари иштирокида навбатдаги машғулотлар ташкил қилинди. Ихтисослик кафедралари томонидан ўтказилган тадбирга ҳар бир мутахассислик йўналиши хусусиятидан келиб чиқиб тажрибали амалиётчи ходимлар жалб қилинди. Курсантлар ўқув жараёнида эгаллаган назарий билим ва амалий кўникмаларини, касбий иштиёқларини намоён этдилар. Комплекс машғулотлар якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, бўлажак мутахассисларга зарур тавсиялар берилди.
Бир сўз билан айтганда, таълим сифатини оширишга йўналтирилган бу каби ёндашувлар соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши тайин.
ИИВ академияси Ахборот хизмати