ИИВ Академияси кундузги таълимининг биринчи босқич курсантлари билан ўтказилаётган “Кичик финал” комплекс ўқув машғулотлари қизғин паллага кирмоқда.
“Ташкилий-штаб фаолияти” ихтисослик йўналишида таълим олаётган курсантлар учун ташкил этилган машғулотлар амалий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди. Дастлаб тадбирнинг аҳамияти, уни ўтказиш тартиби, келгуси хизмат фаолияти учун фойдали жиҳатлари ҳақида тушунча берилди. Шундан сўнг, кафедра профессор-ўқитувчилари ва амалиёт ходимлари иштирокида ўқув режада назарда тутилган топшириқлар бажарилди. Машғулот якунида натижалар таҳлил қилиниб, назария ва амалиётнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Криминалистик экспертизалар кафедраси базасида ўтказилаётган машғулотлар бўлажак соҳа вакилларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Жиноятга алоқадор изларни аниқлаш, тадқиқ қилиш, замонавий ускуна ва жиҳозлардан самарали фойдаланишга йўналтирилган ҳар бир машғулот назарий билимларни амалда қўллаш, касбий кўникмаларни янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Жараёнга турдош олий таълим муассасалари ва амалиёт органларидан малакали мутахассисларнинг жалб қилингани эса илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этаётир.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати