ИИВ академиясида жорий ҳафта давомида “Кичик финал” комплекс ўқув машғулотлари ўтказилди. Машғулотларга кундузги таълим 1-ўқув курси курсантлари жалб қилинди.
Айтиш жоизки, ихтисослик кафедралари томонидан машғулотларни юқори савияда ўтказиш учун қизғин ҳозирлик кўрилди. Мавзулар доирасида топшириқ ва саволлар ишлаб чиқилиб, ўқув-методик хоналар, амалий машғулот жойлари зарур анжомлар билан жиҳозланди.
Бир ҳафта давомида курсантларнинг назарий билим ва амалий кўникмалари пухта синовдан ўтказилди. Ҳар бир жараён профессор-ўқитувчилар ва тажрибали амалиёт ходимлари томонидан холисона кузатиб, баҳолаб борилди. Машғулотлар якунида курсантларга керакли тавсиялар берилди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси бошлиғи Санжар Шариповнинг таъкидлашича, “кичик финал”лар курсантларнинг нафақат билим салоҳиятини, балки касбий фазилатларини ҳам шакллантиришга ёрдам беради. Топшириқларни бажариш жараёнида мустақил ва тўғри қарор қабул қилиш, вазиятни баҳолаш, ишни ҳамжиҳатликда ташкил этиш каби кўникмалар ҳосил бўлади. Шу боис, курсантлар ҳар бир машғулотга катта иштиёқ билан ёндашдилар.
Бугун машғулотларнинг сўнгги куни. Эндиликда ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинади. Бундан мақсад соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашдир.
ИИВ академияси Ахборот хизмати