ИИВ Академияси ихтисослик кафедралари томонидан кундузги таълимнинг биринчи босқич курсантлари иштирокида “Кичик финал” комплекс ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қарорлари асосида таълим жараёнига янги ёндашувлар татбиқ қилинган эди. Шулардан бири “Кичик финал” комплекс ўқув машғулотлари бўлиб, у курсантларнинг назарий билимини амалий кўникмалар ёрдамида мустаҳкамлаш, келгусидаги хизмат фаолиятига қисқа муддатда мослашишини таъминлашга қаратилган. Бунда курсантлар ихтисослик йўналиши хусусиятидан келиб чиққан ҳолда берилган топшириқларни мустақил равишда бажарадилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда амалиёт органлари ходимлари ҳар бир жараённи кузатиб, баҳолаб борадилар.
Тезкор-қидирув фаолияти кафедраси томонидан ўтказилган машғулотда курсантлар ўғрилик жинояти бўйича ҳодиса жойида дастлабки тезкор тадбирларни амалга ошириш, жиноят гувоҳлари ва уни содир этган шахсларни аниқлаш ҳамда терговга қадар текширувга оид бошқа ҳужжатларни расмийлаштирдилар. “Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш” ихтисослик йўналиши курсантларига эса ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги буйруғи асосида инспектор-психологлар томонидан амалга ошириладиган ишлар юзасидан топшириқлар берилди.
Комплекс машғулотлар якунида амалга оширилган вазифалар таҳлил қилинди, ҳужжатларни расмийлаштириш ва фаолиятни тўғри ташкиллаштириш борасида курсантларга зарур тавсиялар берилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати