ИИВ Академиясида “Киберхавфсизликни таъминлаш ва ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни такомиллаштириш истиқболлари” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки, манфаатдор вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари вакиллари ҳамкорлигида ташкил қилинган анжуманни академия бошлиғининг ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича ўринбосари Нажмиддин Тўраходжаев очди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, рақамли технологиялар имкониятлари кенгайиб бораётгани сайин, кибер макон билан боғлиқ янгидан-янги хавф-хатарлар, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларига таҳдид солиш каби муаммолар юзага келмоқда. Ижтимоий тармоқларда кибержиноятлар авж олмоқда. Бундай вазиятда хавфсизликни таъминлаш, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашишни такомиллаштириш долзарб вазифа саналади.
Республика миқёсидаги конференцияда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази бошлиғи Б. Мамаджанов “Кибержиноятларга қарши курашиш: мавжуд тенденция, прогноз ва таклифлар”, Эксперт-криминалистика бош маркази бошлиғи С. Нуриддинов “Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни фош этишда махсус билимлардан фойдаланишни такомиллаштириш”, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Рақамли криминалистика илмий-услубий маркази катта илмий ходими Х. Гаджиев “Криптоактивлар соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш”, “Киберхавфсизлик маркази” ДУК бош мутахассиси Артур Валиуллин “Darknet” тармоғидаги кибержиноятлар аxборот xавфсизлигига таҳдид сифатида”, ИИВ академияси Ахборот технологиялари кафедраси бошлиғи А. Иминов “Кибержиноятчиликка қарши кураш йўналишида кадрлар тайёрлаш” мавзуида маъруза қилди.
Киберхавфсизликни таъминлаш, фаолиятнинг ҳуқуқий жиҳатларини такомиллаштириш, замонавий хавф-хатарларнинг олдини олиш, ахборот технологиялари орқали содир этилаётган жиноятларни фош этиш бўйича халқаро тажрибанинг илғор хусусиятларини ўрганиш каби долзарб йўналишларда таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати