Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Кибер оламдаги хатарлар – долзарб муаммо

26 Май 2022, 10:05

1347

Ахборот технологияларнинг жадал ривожланиб бораётгани кибер оламдаги хавф-хатарларни ҳам юзага келтирмоқда. Маълумотларга кўра, биргина 2020 йилда хакерлик ҳужумлари туфайли жаҳон иқтисодиёти триллион доллардан зиёд зарар кўрган ва йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Ички ишлар вазирлиги академияси мезбонлик қилган анжуманда киберхавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Унда “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси Киберхавфсизлик маркази вакиллари, шунингдек таълим муассасасининг Ахборот технологиялари кафедраси профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар ва кафедра қошида ташкил этилган тўгарак фаоллари иштирок этди.

Тадбирни Академия бошлиғининг ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича ўринбосари, майор Жамшид Исроилов очиб, мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга тўхталди.

Қайд этилганидек, кибер жиноятларга қарши курашиш масаласи долзарб аҳамият касб этаётган ҳозирги мураккаб даврда фуқароларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, ахборот хавфсизлиги ва кибер жиноятларга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Соҳани ривожлантириш киберхавфсизликни таъминлаш фаолиятига илғор механизмларни кенг татбиқ этиш баробарида, тизим учун етук малакали кадрлар тайёрлашни тақозо этмоқда. Бу борада таълим муассасасида ўқитишнинг самарали ёндашувлари йўлга қўйилган бўлиб, ёшларнинг IT-технологиялардан фойдаланиш бўйича билим ва амалий кўникмалари ошириб келинмоқда.

Анжуманда соҳа мутахассисларининг “Интернетда қонунчилик талабларини бузиш ҳолатларига қарши курашишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлик масалалари”, “Кибермаконда содир этилаётган жиноятларни ахборот технологиялари ёрдамида фош этишнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Киберхавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятчилика қарши курашиш” мавзуларидаги маърузалари тингланди, тизим олдидаги долзарб муаммоларнинг ечимлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech