ИИВ Академиясида кибер жиноятчиликка қарши курашишни ҳуқуқий таъминлаш масалаларига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, ИИВ Киберхавфсизлик маркази, Тергов департаменти, Тошкент давлат юридик университети, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси вакиллари иштирокида ўтказилган анжуманда долзарб аҳамиятга молик фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Соҳа вакиллари кибер жиноятларга қарши курашишни ҳуқуқий таъминлашда юзага келаётган айрим муаммоларга эътибор қаратишди. Таъкидлаб ўтилганидек, рақамли технологиялар имкониятларининг кенгайиб бораётгани натижасида виртуал маконда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бормоқда. Бу эса киберхавфсизликни таъминлаш масаласига замонавий ёндашувларни татбиқ этишни тақозо этади. Мамлакатимизда “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, унда киберхавфсизлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш механизмлари, хусусан, давлат органлари ва ташкилотларининг киберхавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари белгилаб берилган
Анжуманда ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни аниқлаш ва тергов қилишнинг хусусиятлари, кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва бошқа долзарб йўналишлар бўйича маърузалар тингланди, муҳим таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати