Жойларда ички ишлар органлари ходимларининг касбий тайёргарлиги ва муомала маданиятини юксалтиришга қаратилган ўқув йиғинлари давом эттирилмоқда.
Сайёр машғулотлар ички ишлар органларининг замонавий қиёфасини шакллантириш, соҳа ходимларининг касбий маданияти ва психологик кўникмаларини юксалтириш мақсадида ташкил қилиняпти.
Малакали психологлар томонидан ходимлар фаолиятида юзага келаётган муаммолар таҳлил қилиниб, хизматни оқилона ташкил этиш, ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, фуқаролар билан самарали мулоқотга киришиш, айниқса оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ишлаш бўйича тавсиялар берилмоқда. Бундан ташқари, стресс ва агрессив ҳолатларни енгиллаштиришга қаратилган психокоррекцион машқлар ёрдамида ходимларнинг психологик билим ва кўникмалари мустаҳкамланяпти.
Эслатиб ўтамиз, Ички ишлар вазирининг 2022 йил 6 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларида муомала маданиятини юксалтириш, фуқаролар билан мулоқотда уларнинг масъулиятини янада ошириш бўйича ўқув йиғинларини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишига асосан октябрь ойида Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида йўл-патруль, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда патруль-пост хизмати ходимлари иштирокида уч маротаба ўқув йиғини ўтказилди. Машғулотлар якунида соҳа вакилларига махсус сертификатлар топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати