Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бораётган ислоҳотларимизни ҳаётга муваффақиятли жорий этишда ички ишлар тизими ходимлари давлатимиз ва жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиб хизмат қилмоқда”, деб алоҳида қайд этдилар.
Дарҳақиқат, ўз ҳаётини эл-юрт осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган соҳа ходимларининг хизмати ҳамиша машаққатли. Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган байрам тадбирида шарафли касб эгаларининг фаолияти эътироф этилди.
Ўқув даргоҳи бошлиғи, полковник Рустам Хатамов йиғилганларни қизғин муборакбод этиб, давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган халқчил тузилмага айлаштириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада, жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларни ташвишга солаётган муаммо ва масалаларни жойида ҳал этишнинг самарали механизмлари яратилди.
– Байрам табригида “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган қоидани ҳаётга татбиқ этишда, аввало, ички ишлар ходимларининг ўзлари барчага ўрнак ва намуна бўлишлари зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу эса соҳа ходимларининг касбий ва маънавий-ахлоқий дунёқарашини янада юксалтиришни талаб этади. Шу маънода, таълим сифатини такомиллаштириш, замонавий билим ва кўникмага эга, Ватан ва халқ манфаатларини шахсий манфаатлардан устун қўядиган, касбига садоқатли кадрларни тайёрлаш масалалари фаолиятимизнинг устувор вазифалари бўлиб қолади, – деди Академия бошлиғи.
Тадбирда самарали хизматлари учун бир гуруҳ ходимларга Ички ишлар вазирлигининг идоравий мукофотлари тантанали равишда топширилди. Академия бадиий ҳаваскорлик жамоалари ҳамда таниқли санъат намояндалари иштирокидаги концерт дастури барчага байрамона кайфият бағишлади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати