Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Кадрлар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди

08 Ноябрь 2022, 08:11

1219

Бугун ИИВ Академиясида “Ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими: муаммо ва истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Маълумки, ички ишлар органлари тизимида амалга оширилган туб ислоҳотлар даврида соҳа учун етук малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам устувор эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари асосида амалиётга самарали механизмлар татбиқ қилинди. Хусусан, Ички ишлар вазирлигининг 14 та идоравий академик лицейи, “Темурбеклар мактаби” ҳамда ихтисослашган мактаб-интернат фаолияти йўлга қўйилди. ИИВ Академиясида бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий қилинди. Бундан ташқари, тизим учун кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “узлуксиз ўқув-карьера” жараёни йўлга қўйилди.

Конференцияда ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари қизғин муҳокама қилинди. Сўзга чиққанлар “Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида ҳуқуқий фанларни ўқитиш”, “Ички ишлар органларига раҳбар кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари”, “Ички ишлар органлари учун ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашнинг кундузги шакли: муаммолар ва унинг ечимлари”, “Сиртқи таълим шаклида мутахассис кадрлар тайёрлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари”, “Кадрларни бошланғич касбий тайёрлашда “узлуксиз ўқув каръера” тизимининг асосий жиҳатлари”, “Ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлашда буюк аждодларимиз бой меросининг юксак аҳамияти” мавзуида маъруза қилишди.

Вазирлик тасарруфидаги ўқув муассасалари вакиллари, тадқиқотчи ва мутахассислар, амалиёт ходимлари иштирок этган конференцияда таълим самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари юзасидан қатор таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech