Ҳудудларнинг криминоген вазиятини яхшилаш мақсадида яратилган методик қўлланмалар бўйича жойларда интерфаол машғулотлар ташкил этилмоқда.
Қарши шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида бўлиб ўтган тақдимот “Безорилик жиноятларининг олдини олиш методикаси”га бағишланди. Тадбирда вилоят ИИБ соҳавий хизматлар раҳбарлари, Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари, маҳаллаларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари ва бошқалар иштирок этди.
Тақдимотда Қарши шаҳрининг криминоген хусусиятини ўрганган ҳолда тайёрланган қўлланманинг долзарб аҳамияти, мазмун-моҳияти, маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлашга қаратилган тавсиялар ва уларни амалиётга татбиқ қилиш механизмлари тушунтирилди.
Айтиш жоизки, худди шундай машғулотлар Самарқанд вилоятида ҳам ўтказилмоқда. Тойлоқ, Ургут ва Булунғур туманлари ички ишлар бўлинмаларида ўтган тадбирда “Ўғрилик жиноятларига қарши курашишни ташкил этиш методикаси” атрофлича тарғиб қилинди. Ҳудудларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, айниқса кўп содир этилаётган жиноятларнинг сабаб ва шароитларини аниқлаш, барвақт олдини олиш, профилактик ишларни манзилли амалга ошириш юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, илмий асосга эга таклиф ҳамда тавсиялар соҳа ходимларининг касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати