Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Жиноятчиликни жиловлаш – устувор масала

09 Октябрь 2024, 03:10

360

Юртимизда кечаётган ислоҳотлар натижадорлигини ошириш, аҳоли билан ишлаш, айниқса уларнинг муаммоларини жойида ҳал этишда маҳалла институтининг ўрни беқиёс.

Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари Рустам Хатамов пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Элобод” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан мулоқот қилди. Маҳалла раиси бошчилигидаги “еттилик” тизими вакиллари, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси мутасаддилари иштирок этган учрашувда криминоген вазият атрофлича муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича янги тизим яратилгани, ҳудудларнинг криминоген вазиятини яхшилаш борасида илмий ёндашувга асосланган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Айниқса академия профессор-ўқитувчилари томонидан ҳудуд тажрибаларининг яратилаётгани ижобий натижа бераётгани қайд этилди.

Таълим муассасаси раҳбари маҳаллада содир этилган ҳуқуқбузарликларга эътибор қаратиб, жиноятчиликни жиловлаш устувор масала эканлигини алоҳида таъкидлади. “Муҳтарам Президентимиз маҳаллалар жиноятдан холи ҳудуд бўлиши кераклигини айтган эдилар. Тизимнинг самарали ишлаши фаолиятни ҳамжиҳатлик билан ташкил этишимизга боғлиқ. Бунда аввало аҳолининг барча қатлами орасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришимиз керак”, - деди у.

Очиқ мулоқотда аҳоли билан манзилли ишлаш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш, оила-турмуш доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича “маҳалла еттилиги”га методик ёрдам кўрсатиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб олинди.

Маҳалламизда 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир муаммони “еттилик” аъзолари ва фаоллар билан биргаликда ҳал этиб келаяпмиз. Айниқса, оилавий ажримларни камайтириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жиноятчиликка барҳам бериш масалалари доимий эътиборимизда. Бу борада ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳам бизга яқиндан кўмак беришмоқда, – дейди маҳалла раиси Шуҳрат Газиев.

Шу куннинг ўзида академия вакиллари туманнинг “Олмачи” маҳалласида жойлашган ҳуқуқ-тартибот маскани ҳамда 1-сонли ички ишлар бўлими фаолияти билан ҳам танишдилар. Соҳа ходимлари билан мулоқот чоғида ички ишлар органларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг долзарб талаблари, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар етказилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech