Маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги ишлар Тошкент вилоятида ҳам қизғин паллага кирган.
Шу кунларда ИИВ академияси ишчи гуруҳи Қибрай тумани ва Чирчиқ шаҳрида ўрганишлар олиб бормоқда. Тажрибали профессор-ўқитувчилар криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларга чиқиб, жиноятчиликнинг сабаб ва шароитларини ўрганишмоқда.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси бошлиғи ўринбосари, подполковник Мансур Қурбонов давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш борасидаги қарорининг муҳим аҳамиятига тўхталиб, шундай деди:
– Президентимиз қарори билан жиноятчиликни жиловлашга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди. Ўрганишлар жараёнида нафақат ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларига, балки жиноят содир этилган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларига ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Шу асосда “жиноят ўчоқ”лари шакллантирилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинмоқда.
Ишчи гуруҳ томонидан шу кунгача 20 дан ортиқ маҳалла ўрганилди. Содир этилган жиноятлар илмий-амалий ёндашувлар асосида таҳлил қилиниб, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар аниқланди. Шу билан бирга, “маҳалла еттилиги” тизими вакиллари билан жиноятчиликка имкон бераётган сабаб ва шароитларга барҳам бериш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ўрганишлар изчил давом этмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати