ИИВ қошидаги 1-сонли академик лицейда таълим маскани ўқитувчилари учун ўтказилган маҳорат машғулотида педагогик фаолиятда илмий салоҳиятнинг аҳамияти, глобаллашув шароитида тадқиқотчилар олдида турган устувор йўналишлар ҳақида фикр алмашилди.
ИИВ Академиясининг Олий таълимдан кейинги таълим факультети докторанти, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори, подполковник Аброр Аманов замонавий илм-фаннинг долзарб масалалари, илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш тартиби, давлатимиз томонидан мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор натижасида сўнгги йилларда қабул қилинган норматив ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини батафсил тушунтириб ўтди.
Машғулот давомида Академияда илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш истиқболли дастури асосида амалиётга татбиқ қилинаётган ёндашувлар, илмий салоҳиятни юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар намойиш қилинди.
* * *
Ички туризмни ривожлантириш, юртимизнинг бой маданий-тарихий салоҳиятидан оқилона фойдаланиш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Академия курсантлари пойтахтимизнинг энг кўркам гўшалари – Хотира майдони, Амир Темур хиёбони ва Темурийлар тарихи давлат музейига саёҳат қилиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказдилар. Саёҳат давомида ушбу масканларнинг тарихи, ёш авлод камолотида тутган улкан аҳамияти, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати