ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан Юнусобод тумани ИИО ФМБда тарғибот тадбири ўтказилди.
Соҳавий хизматлар раҳбарлари ва профилактика инспекторлари иштирок этган тадбирда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда “фуқаробай” ишлаш бўйича “Ўрикзор” маҳалласи мисолида яратилган методик қўлланманинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.
Сўзга чиққанлар “фуқаробай” ишлаш орқали криминоген вазиятни яхшилаш, бунда сектор раҳбари, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг вазифалари, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, жиноятчиликнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳақида тўхталиб, соҳа вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
***
Пойтахтнинг Чилонзор туманидаги “Дўмбиробод” МФЙда ташкил этилган учрашув маҳалла фаоллари учун айни муддао бўлди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳақида тушунча берилди. ИИВ Академияси вакиллари томонидан мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифаларни маҳалла миқёсида фаол татбиқ этиш, аҳоли, хусусан ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, бу борада Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Ўрикзор” маҳалласи мисолида яратилган “фуқаробай” ишлаш методикасини янада оммалаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
***
ИИВ Академиясининг Жиноят ҳуқуқи кафедраси ташаббуси билан кафедраси қошидаги “Адолат” иқтидорли курсантлар тўгараги аъзолари учун давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар, унга қарши жавобгарлик, хусусан, миллий ва халқаро қонунчиликнинг муҳим жиҳатлари таҳлил қилинди. Курсантлар сўз олиб, бу турдаги жиноятларнинг содир этилиш сабаб ва шароитлари ҳамда уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида фикрларини билдирдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати