20-21 сентябрь кунлари Хитойнинг Ляньюньган шаҳри жамоат хавфсизлиги бўйича глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган йирик халқаро форумга мезбонлик қилди.
Жаҳоннинг элликдан ортиқ давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, қатор халқаро ташкилотлар ҳамда турдош олий таълим муассасалари вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этган форумда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши куч ва имкониятларни бирлаштириш, ҳамкорликнинг янги тамойилларини ишлаб чиқиш масалалари, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилишнинг самарали ечимлари атрофлича муҳокама қилинди.
Форум аввалида ХХР жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун сўз олиб, жаҳоннинг турли минтақаларида жиддий инқироз ва низолар кузатилаётган мураккаб даврда глобал хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш, бу борада халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ўзаро фаол тажриба алмашиш ва илғор ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади.
Глобал форумда Интерпол халқаро ташкилоти бош котиби Юрген Шток, шунингдек Малайзия, Миср, ЖАР, Камбоджа, Покистон давлатлари ички ишлар вазирлари, Россия, Беларусь, БАА, Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар вакиллари сўзга чиқиб, тенг манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг янги тамойилларини асосида барқарор ривожланишни таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтдилар. Шу куннинг ўзида форум иши сессия форматида давом эттирилди.
Форумнинг иккинчи куни “Глобал хавфсизлик муаммолари ва полиция таълими салоҳиятини ошириш” мавзуига бағишланди. Унда Ўзбекистон, Хитой, Саудия Арабистони, Покистон, Эрон, Филиппин, Сербия, Албания, Аргентина ва бошқа давлатларнинг турдош олий таълим муассасалари раҳбарлари ўз маърузалари билан иштирок этди. ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов ўз нутқида жаҳондаги геосиёсий жараёнлар фонида таълим интеграциясини кучайтириш ва кўп векторли ҳамкорлик платформасини яратиш долзарб хусусият касб этаётганини таъкидлади. Шунингдек форум мақсадларига қаратилган конструктив ташаббусларни илгари сурди.
Айтиш жоизки, икки кунлик форум доирасида ҳамкор давлатлар таълим муассасалари вакиллари ўртасида икки томонлама манфаатли учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Хусусан, ИИВ Академияси бошлиғининг Хитой Жамоат хавфсизлиги университети президенти Цао Шицюань ҳамда Чжэнчжоу полиция коллежи бошлиғи ўринбосари Лю Пинг билан ўтказган учрашувида ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари устувор аҳамият касб этди. Томонлар Ўзбекистон ва Хитой муносабатларининг юксалиш динамикасига юқори баҳо бериб, замонавий таълимнинг барча йўналишлари бўйича ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.
Бундан ташқари, Гонконг, Аргентина, Эрон, Саудия Арабистони таълим муассасалари билан истиқболли алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Хулоса қилиб айтганда, глобал форумда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларнинг ечимларига қаратилган кўплаб ташаббуслар илгари сурилди. Кўп қиррали ҳамкорликни “юқори ишонч ва тенг манфаатли тараққиёт” тамойили асосида янада равнақ топтириш барқарор ривожланишга хизмат қилиши эътироф этилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати