30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан республикамизда “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида “Ёшлар ойлиги” ўтказилмоқда.
Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий кенгашининг ташаббуси билан “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. “Ташаббусимиз, иқтидоримиз, куч-қудратимиз – Ватан учун!” шиорига бағишлаб ўтказилган беллашувда пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасаларидан 18 жамоа иштирок этди.
Интеллектуал беллашувда қизиқарли, мантиқий, зеҳниятни чархловчи 24 та савол ўйналди. Иштирокчилар ҳар бир саволга зукколик билан тўғри жавоб беришга ҳаракат қилишди.
Соғлом рақобат остида ўтган беллашув якунида ИИВ Академияси жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ва Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси жамоаларига иккинчи ҳамда учинчи ўринлар насиб этди. Ғолиблар Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий кенгашининг дипломлари билан тақдирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати