Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ИСТИҚБОЛЛИ ҲАМКОРЛИК МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

16 Ноябрь 2024, 07:11

254

Юртимизга Хитой Халқ Республикаси Пекин полиция коллежи президенти Ву Вэй бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Хитойлик меҳмонлар дастлаб Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти билан танишдилар. Делегация вакилларига замонавий таълим жараёнлари, бакалавриат ва магистратура босқичининг ўзига хос хусусиятлари, профессионал кадрлар тайёрлашга қаратилган илғор ёндашувлар, академиянинг илмий салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берилди.

Ахборот-ресурс маркази, ўқув бинолари, ихтисослашган махсус автотранспорт воситалари, спорт комплекси билан танишиш жараёнида меҳмонлар таълимнинг замонавий йўналишлари ва тингловчи-курсантлар учун яратилган шароитларни юқори баҳоладилар.

Шундан сўнг делегация аъзолари иштирокида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, глобал шароитда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари хусусида фикр алмашилди.

Академия бошлиғи Рустам Хатамов мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорликнинг янги формати шаклланиб, манфаатли алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини эътироф этди. Кейинги йилларда Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ўзаро тажриба алмашинуви кенгайгани, мазкур йўналишда ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув давомида Пекин полиция коллежи президенти Ву Вэй сўз олиб, халқларимизни ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган мустаҳкам ришталар боғлаб туришини алоҳида қайд этди.

– Буюк ипак йўли кўп асрлик дўстона алоқаларимиздан дарак беради. Тарих синовларидан ўтган ришталар бугунга келиб мустаҳкам ҳамкорликка айланди ва бу тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган мамлакатларимиз равнақига хизмат қилмоқда. Ташрифдан кўзлаган мақсадимиз ҳам муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш ва манфаатларимизга мос йўналишларда янги босқичга олиб чиқишдир, – деди делегация раҳбари Ву Вэй

Мулоқот чоғида ИИВ академияси ва Пекин полиция коллежи ўртасида меморандум имзолаш, таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, томонларнинг илғор ёндашувларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди. Таълим муассасалари раҳбарлари самимий руҳда ўтган учрашув аҳамиятини эътироф этган ҳолда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов билан учрашдилар. Икки томонлама учрашувда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида тажриба алмашиш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, ҳамкорликда малака ошириш курсларини ташкил қилиш юзасидан фикр алмашилди. Шундан сўнг меҳмонлар Ахборот мультимедиа маркази ва “Шон-шараф” музейини томоша қилдилар.

Ташрифнинг эртаси куни юртимиз меҳмонлари Самарқандда бўлиб, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ҳамда шаҳарнинг маданий мерос объектлари ва диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, сайёҳлар учун йўлга қўйилган хавфсиз шароитлар, ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech