ИИВ академиясида Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – Судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов билан учрашув бўлиб ўтди.
Профессор-ўқитувчилар ва тингловчилар иштирок этган тадбирда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Хусусан, кейинги йилларда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, жамиятда шахс ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилгани айтиб ўтилди.
Олий суд вакили соҳадаги ўзгаришлар тизим фаолиятини янги босқичга кўтаришга, инсонларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, ички ишлар органлари томонидан ишни судга қадар юритишда йўл қўйилаётган камчиликларга тўхталиб, раҳбарлик йўналишида ўқиётган тингловчиларга амалий тавсиялар берди.
Мулоқот давомида давлатимиз раҳбарининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти хусусида ҳам фикр алмашилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати