Ички ишлар вазирлиги академиясида турар жойга эҳтиёжманд бир гуруҳ ходимларга сертификатлар топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда таълим муассасаси раҳбарияти, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
“Инсон қадри учун” деган тамойил ҳаётимизда тобора устувор аҳамият касб этиб бормоқда. Бинобарин, ушбу тамойил юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратиш, жамиятда инсон қадрини улуғлашни назарда тутади. Кейинги йилларда барча соҳалар қатори, ички ишлар органлари тизимида ҳам кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилиб, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
– Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди, – деди Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов. – Мазкур қарор билан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилди. Муҳими, ислоҳотларнинг амалий натижаси тизимда хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг кундалик фаолияти ва турмуш шароитида яққол намоён бўлмоқда.
Тадбирда бир гуруҳ ходимларга турар жой сотиб олиш учун бошланғич субсидия тўлови ҳуқуқини берувчи сертификатлар тантанали равишда топширилди.
– Кўп йиллардан бери пойтахтда ижара уйда истиқомат қиламан. Ички ишлар вазирлиги томонидан янги турар жой олиш учун имтиёзли субсидия ажратилганидан жуда хурсанд бўлдим. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, муҳтарам Президентимизнинг эътибор ва ғамхўрликлари самарасида ички ишлар органлари ходимларининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган масалалар ижобий ечимини топмоқда. Хизматда юқори натижаларга эришаётган ҳамкасбларимизга, уларнинг оила аъзолари ва фарзандларига қўшимча имтиёзлар берилмоқда. Бизга кўрсатилаётган бундай рағбат барчамизни она Ватанимиз ва халқимизга чексиз садоқат билан хизмат қилишга ундайди, – дейди ИИВ Академиясининг Тарбиявий ишларни ташкил этиш бўлими катта инспектори, майор Фарҳод Мелиқулов.
Тадбир якунида ходимларнинг оила аъзолари таълим масканида яратилган замонавий шарт-шароитлар ва амалга оширилаётган янгиланишлар билан яқиндан танишдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати