Ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг юртга дахлдорлик туйғуларини шакллантириш устувор вазифалардан саналади.
ИИВ Академияси вакиллари томонидан жойлардаги таълим масканларида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга бағишланган тарғибот тадбирлари уюштирилди. Вазирликнинг Бухоро вилоятидаги академик лицейида ташкил этилган учрашувда Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси профессори, подполковник Зафар Нуримов, 2-ўқув курси курсанти, “Жалолиддин Мангуберди” стипендияси соҳиби Дилшодбек Эсонов ва бошқалар иштирок этди.
Сўз олганлар муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва ғамхўрлиги билан юртимиз ёшлари учун яратиб берилаётган улкан имкониятлар, таълим соҳасидаги изчил ислоҳотлар, иқтидорли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар, бу борада Академияда йўлга қўйилган замонавий шарт-шароитлар ҳақида гапириб беришди.
* * *
Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 31-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган учрашув ўқувчиларга улкан мотивация берди.
Қизғин мулоқотда кафедра катта ўқитувчи-мураббийи, доцент Муҳаббат Кдирова, эркин кураш ва қўл жанги билан шуғулланиб келаётган иқтидорли курсантларимиздан Муяссар Қўшмуродова, Улмикен Узакбергеновалар ўз орзу-мақсадлари билан ўртоқлашди.
Жисмоний тарбия ва спортнинг инсон саломатлигидаги ўрни, ёшлар ўртасида олимпия ўйинларини оммаллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, умидли курсантларимиз эришаётган ютуқлар мактаб ўқувчиларида ёрқин таассурот қолдирди. Тадбир сўнгида таълим муассасалари ёшлари ўртасида волейбол бўйича ўртоқлик учрашуви ўтказилди.
* * *
Академиянинг Тезкор-қидирув фаолияти кафедраси вакиллари Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасида меҳмон бўлишди.
Ёшлар ўртасида маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ўтказилган давра суҳбатида маскан тарбияланувчилари зарур ҳуқуқий маслаҳатлар олишди.
Учрашувда китоб мутолаа қилишнинг фойдали жиҳатлари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ички ишлар органлари тизимида ўтказилган “Энг яхши китобхон” танлови совриндори, капитан Одилбек Ўринов китоб инсон камолотининг муҳим пойдевори бўлиб, ёшларни ёт иллатлардан муҳофаза қилувчи мустаҳкам қалқон эканлигини таъкидлаб ўтди. Шу куни бир гуруҳ фаол ёшларга бадиий ва тарихий адабиётлар совға қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати