Жорий йилнинг 19–23 декабрь кунлари Анқара шаҳрида “Хотин-қизларга нисбатан содир этилаётган маиший зўравонликка қарши курашиш” мавзуига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA) томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда ташкилотга аъзо давлатлар таълим муассасаларидан ўттизга яқин вакил қатнашди. Семинар-тренинг машғулотларини INTERPA президенти Йилмаз Чолак очиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати, семинар-тренингдан кўзланган мақсад ва истиқболдаги асосий йўналишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Беш кун давом этган семинар-тренингда “Зўравонлик тушунчаси ва унинг турлари”, “Хотин-қизларга нисбатан қўлланилаётган маиший зўравонликнинг сабаблари”, “Маиший зўравонликка имкон берувчи шарт-шароитлар”, “Гендер тенгликни таъминлаш”, “Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш”, “Хотин-қизларга нисбатан қўлланилаётган маиший зўравонликнинг олди олиш”, “Аёлларга нисбатан содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларида қўлланиладиган профилактик (превентив) чоралар”, “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлаш”, “Маиший зўровонлик жиноятлари бўйича суриштирув ва тергов ҳаракатларини амалга ошириш” ва бошқа мавзуларда фикр алмашилди.
Малакали мутахассислар томонидан Туркия миллий қонунчилигининг ўзига хос тажрибаси, полиция тузилмалари томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилиб, амалиётга жорий қилинган тизимлар фаолияти таништирилди.
– Семинар-тренинг хориж тажрибасини ўрганиш учун имкон берди, – дейди ИИВ Академиясининг Маъмурий ҳуқуқ кафедраси бошлиғи, майор Жаҳонгир Юлдашев. – Хусусан, электрон мониторинг маркази фаолияти, “KADES” огоҳлантирувчи мобиль иловаси, жабрланувчиларни сўроқ қилиш тактика ва методикаларининг ўрганадиган жиҳатлари мавжуд. Мамлакатимизда ҳам хотин-қизлар билан ишлаш бўйича самарали тизим яратилган. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасида янги ёндашувларни жорий қилиш фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Машғулотларнинг сўнгги куни иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати