2023 йилнинг 29 май–1 июнь кунлари ИИВ Академияси делегацияси Туркия Республикасида бўлди.
Дастлаб Анқара шаҳрида Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA) Ижроия кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ташкилотга аъзо таълим муассасалари вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирок этган йиғилишда жаҳондаги мураккаб геосиёсий жараёнлар фонида таълим интеграциясини кучайтириш, илғор тажриба ва ёндашувларга кенг йўл очиш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда фаол ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек ташриф доирасида меҳмонлар полиция тарихи музейи, Туркия миллий полиция академияси, Кўня полиция департаменти фаолияти билан танишдилар.
Ташриф давомида ИИВ Академияси вакиллари Туркия Жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академиясида бўлиб, икки томонлама учрашув ўтказдилар. Мулоқот чоғида таълимга оид истиқболли лойиҳалар, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, долзарб мавзуларда ўқув курслари ташкил этиш, халқаро аҳамиятга молик масалаларга бағишланган илмий анжуманлар ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.
Академия раҳбари Нуҳ Кўрўғлу мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда мутлақо янги формат вужудга келгани, стратегик ҳамкорлик барча соҳаларда равнақ топаётганини эътироф этди. Таълим муассасалари раҳбарлари фаол мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Мухтасар қилиб айтганда, Халқаро полиция академиялари ассоциацияси йиғилиши, мазкур анжуман доирасида ташкил этилган тадбирлар манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб берди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати