22-23 ноябрь кунлари Гужаратда Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA)нинг Ижроия кенгаш ва Бош ассамблея йиғилиши ҳамда XII конференцияси бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо таълим муассасалари, жумладан, ИИВ Академияси делегацияси, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар вакиллари, халқаро кузатувчилар, хорижий ҳамда маҳаллий экспертлар иштирок этди.
Йиғилишда INTERPA Ижроия кенгаши раиси, Туркия миллий полиция академияси президенти Йилмаз Чолак, Ҳиндистон криминалистика фанлари миллий университети вице-канцлери Жаянткумар Маганлал Вяс сўзга чиқиб, жаҳондаги геосиёсий ўзгаришлар фонида ҳамкорликнинг манфаатли тамойилларини ишлаб чиқиш, таълим интеграциясини кучайтириш, глобал таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг Гужарат штати бош вазири Бхупендра Раджникант Пателнинг INTERPA доирасида ўтказилаётган анжуман иштирокчиларига мурожаати тингланди.
Тадбирда халқаро ассоциациянинг бир йиллик фаолияти, ҳамкорликнинг бугунги формати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Ҳамкор таълим муассасалари билан биргаликда амалга оширилган тадбирлар ва эришилган натижалар сарҳисоб қилинди. Иштирокчилар INTERPAнинг 2022 йил Дакка шаҳрида бўлиб ўтган конференциясига бағишлаб чоп этилган китоби, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги академияси, Ботсвана полиция коллежи, Индонезия миллий полиция академияси ҳамда Ҳиндистон криминалистика фанлари миллий университети фаолияти ёритилган видеоролик билан танишдилар.
Шу куннинг ўзида “Технологик ҳалокатлар ва табиий офатлар даврида полиция фаолияти” мавзусидаги XII халқаро конференция иш бошлади. Сессиялар кўринишида бўлиб ўтган анжуманда Туркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Вьетнам, Эрон, Эфиопия, Мозамбик, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар вакиллари ўз маърузалари билан қатнашди. Табиий ва техноген офатлар даврида полиция фаолиятини ташкил этиш, махсус куч ва воситаларни бошқариш,тизимни рақамлаштириш, жиноятчиликнинг турли кўринишларига қарши курашиш, фавқулодда вазиятларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида фикр-мулоҳазалар, долзарб таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Конференция якунида Халқаро полиция академиялари ассоциацияси XII конференциясининг декларацияси қабул қилинди. Ҳамкор таълим муассасалари вакиллари замонавий таҳдидлар, иқлим ўзгариши, табиий ва техноген офатлар билан боғлиқ хавф-хатарлар кўлами ошиб бораётган мураккаб шароитда ҳамкорликни барқарор ривожлантириш бўйича биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдилар. Шунингдек, анжуман иштирокчилари “Cellebrite”, “eSec Forte”, ‘’Trinexia”, “ProDiscover”, “Axxonet” каби компанияларнинг полиция учун мўлжалланган махсус техник ва дастурий тизимлари кўргазмаси, Ҳиндистон криминалистика фанлари миллий университети ҳамда Гужарат полиция технологиялари маркази фаолияти билан танишдилар.
Халқаро анжуман доирасида ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов Ҳиндистон криминалистика фанлари миллий университети вице-канцлери Жаянткумар Маганлал Вяс билан учрашди. Унда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, истиқболдаги чора-тадбирлар учун “йўл харита” ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Туркия миллий полиция академияси президенти Йилмаз Чолак билан ўтказилган мулоқотда эса томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Учрашув якунида ҳамкорлик меморандуми ижроси доирасида 2024/25 йилларга мўлжалланган “йўл харита” имзоланди.
Бундан ташқари, Малайзия қироллик полиция коллежи, Қирол Фаҳд номидаги Саудия Арабистони хавфсизлик коллежи, Қозоғистон Республикаси ИИВ Қустаной академияси, Индонезия миллий полиция академияси, Мальдив полиция ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар миллий коллежи, Босния ва Герцеговина ИИВ полиция академияси, Шимолий Македония полиция ўқув маркази, Австралия Федерал полицияси делегациялари билан кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари бўйича музокаралар ўтказилди. Хорижий делегациялар вакилларига ИИВ Академиясининг кенг қамровли фаолияти, хорижий давлатлар полиция кадрларининг таълим олиши учун мўлжалланган ўқув дастурлари тўғрисида маълумот берилди.
Сафар давомида ИИВ Академияси ва Раштрия Ракша университети (Ҳиндистон) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ўқув муассасалари вакиллари ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш орқали таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати