Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Инсон қадрини улуғлаган айём

23 Март 2023, 07:03

878

Наврўз – боқий қадриятлар, покиза ниятлар, хайрли амаллар байрами. Унинг замирида, энг аввало, инсон қадрини улуғлашдек эзгу ғоя мужассам. 

Байрам муносабати билан ИИВ Академиясида ўтказилган тадбир аввалида ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов йиғилганларни самимий муборакбод этди.

– Инсоният тарихида миллатларнинг маънавий илдизини, миллий қадриятларини йўқ қилишга уринишлар кўп бўлган. Аммо Наврўз байрами умуминсоний ғоялари ва эзгу фалсафаси билан минг йиллардан буён безавол яшаб келмоқда. Чунки Наврўз тинчлик-тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббат ифодаси бўлиб келган, – деди Академия раҳбари.

Тадбирда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, халқимизни рози қилишдек улуғ мақсадларни рўёбга чиқараётгани  эътироф этилди.

– Бугунги мураккаб даврда дунёнинг айрим минтақаларида сиёсий тангликлар юзага келмоқда. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда халқимизга хос фазилатларни ўзида мужассам этган Наврўз байрамининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, Янги Ўзбекистон ғояси – бу халқимизнинг азму қарори, унинг ҳаёт мазмунидир, бу олижаноб мақсад Наврўзи олам фалсафаси ва қадриятлари билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир, – деди Академия бошлиғи.

Байрам тадбирида бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирлигининг идоравий мукофотлари билан тақдирланди. Академия бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг юртимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлари йиғилганларга байрамона кайфият бағишлади.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech