Касбга садоқат, фидойилик, ҳалоллик сингари фазилатлар инсонни улуғлайди. Хотира ва қадрлаш кунида ички ишлар тизимида кўп йиллар самарали хизмат қилган ана шундай фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари Рустам Хатамов истеъфодаги полковник Тимур Саитбаев хонадонида бўлиб, соҳа фахрийсини байрам билан қутлади. Суҳбат чоғида унинг шарафли ҳаёт йўли, қизғин меҳнат фаолияти, ички ишлар органлари учун малакали кадрлар тайёрлашга қўшаётган улкан ҳиссаси эътироф этилди.
– Академия мен учун икки ҳисса қадрли маскан. Отам ҳам кўп йиллар ушбу даргоҳда меҳнат қилганлар. Бундан ҳамиша кўнглимга фахр туяман. Инсон учун ўз меҳнатларининг шарофатини кўришдан ортиқ бахт йўқ. Шогирдларим йўқловидан жуда хурсанд бўлдим, – деди у.
Учрашув давомида соҳа фахрийсига самимий тилаклар билдирилди. Ёшларнинг жонкуяр устози давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликни эътироф этиб, академиядаги янгиланишлар, профессор-ўқитувчилар учун яратилаётган шарт-шароитлардан мамнунлигини айтди.
Байрам муносабати билан академия вакиллари ИИВ Марказий госпиталида саломатлигини тиклаётган Анвар Девятовни ҳам йўқладилар. Кўп йиллар ички ишлар органлари тизимида хизмат қилган Анвар ака нафақага чиққандан сўнг, бой ҳаётий тажрибасини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлади. Кўплаб шогирдларни камолга етказди.
Шунингдек, байрам муносабати билан генерал-майор Тожиддин Жалиловнинг умр йўлдоши Гулсара аяга ҳам иззат-эътибор кўрсатилди. Табаррук ёшни қарши олган онахонга байрам тилаклари ва совғалари улашилди. Марҳум устознинг хайрли амаллари, инсоний фазилатлари, заҳматли меҳнатлари ёдга олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати