ИИВ Академиясида курсант ёшларнинг ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга бағишланган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири бўлиб ўтди.
Унда вазирлик Фахрийлар кенгаши фаоллари, ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб келаётган ходимлар, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этди.
Мотивацион руҳда ўтган учрашувда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари, полковник Ҳамза Махсумов, Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги генерал-майор Эркин Норгитов, истеъфодаги полковник Миркомил Мирфайзиев, ИИВ Академияси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Бобур Дадажонов ва бошқалар сўзга чиқди.
Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш борасидаги ислоҳотлар самараси тизим ходимларининг билим ва интеллектуал салоҳияти, она Ватанимизга бўган юксак садоқати, фидойилиги ва жасурлиги, ўз касбини нечоғлик қадрлашида намоён бўлиши, ўсиб келаётган ёшлар замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаб, мамлакатимизни янада равнақ топтиришга муносиб ҳисса қўшишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
– Муҳтарам Президентимиз ёшларга қарата “Илмни қадрланг, илмга интилинг!”, дея уларни улкан марралар сари руҳлантириб келадилар. Сиз таълим олаётган даргоҳда ҳам барча шарт-шароитлар яратилган. Ички ишлар органи ходими бўлишни мақсад қилган экансиз, зиммангиздаги масъулиятни чуқурроқ ҳис қилишингиз керак. Чунки она Ватанимизнинг эртанги куни, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш катта ҳаётга кириб келаётган сиз каби ёшлар қўлида, – деди Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Сирожиддин Ҳасанов.
Мулоқот давомида курсантларга Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексида назарда тутилган мезонлар етказилди. Касбий билим ва кўникмаларни ошириб бориш, хизматга юқори масъулият билан ёндашиш, тизим шаънига доғ туширувчи турли иллатлардан ўзини сақлаш борасида ўгит ва тавсиялар берилди.
– Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари эълон қилинди. Ватан учун жон фидо қилган ҳарбий хизматчилар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжатнинг муҳим аҳамияти бор. Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қуришни мақсад қилган эканмиз, юртимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз, жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаёти улар учун тарбия мактаби вазифасини ўтайди, – деди ИИВ Академияси профессори, полковник Шариф Қобилов.
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъфодаги полковник Зикрилла Неъматнинг Ватан, тинчлик, жасорат ва мардлик ҳақидаги шеърлари, фахрийларнинг хизмат фаолиятига оид хотиралар ёшларда улкан маънавий таассурот қолдирди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати