19–23 декабрь кунлари ИИВ Академиясида “Курсантларнинг илмий ютуқлари ва инновацион ғоялари” I илм-фан фестивали ўтказилди.
Тадбир очилишида академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Руфтулло Нигматов сўз олиб, ёшларга сифатли таълим бериш, уларни илм-фанга қизиқтириш ва инновацияларга йўналтириш, иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш фестивалнинг бош мақсади эканлигини таъкидлаб ўтди.
Олимлар, илмий тадқиқотчилар ва курсантлар иштирокида беш кун давом этган фестивал доирасида “Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси ва ҳуқуқий ислоҳотлар” мавзуида илмий-амалий конференция, “Тезкор-қидирув натижаларининг далилий аҳамияти: муаммо ва ечимлар”, “Ички ишлар органлари фаолиятида ахборот-таҳлилий ишларни ташкил этиш: муаммо ва ечимлар” мавзуларида очиқ мунозара, “Жиноят изларини олиш: муаммо ва ечимлар”, “Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш: муаммо ва ечимлар” мавзуларида “workshop”, шунингдек, мотивацион руҳдаги бошқа тадбирлар ташкил қилинди. Бундан ташқари, курсантлар ихтисослик ва юридик кафедралар томонидан ўтказилган интеллектуал беллашувларда қатнашиб, қатор натижаларга эришдилар.
Шунга кўра, “Маъмурий ҳуқуқ билимдони” интеллектуал мусобақасида 2-ўқув курсининг “Айсберг” жамоаси, “Тезкор-қидирув ҳуқуқи билимдони” викторинасида 3-ўқув курсининг “Олға, офицерлар” жамоаси, “Ички ишлар органларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” викторинасида 2-ўқув курсининг “Адолат” жамоаси, “Ички ишлар органлари маъмурий фаолияти билимдони” викторинасида 1-ўқув курсининг “Эверест” жамоаси, “Жиноят ва жиноят-процессуал ҳуқуқи фанлари билимдони” интеллектуал ўйинида 3-ўқув курсининг “Легенда” жамоаси, фуқаролик ҳуқуқи фанидан ақллилар беллашувида 1-ўқув курсининг “Зукколар” жамоаси ҳамда “Криминалистик квест” интеллектуал турнирида 2-ўқув курси курсанти Шамшодбек Далабоев ғолибликни қўлга киритди.
Фестивал якунида энг фаол иштирокчилар учун пойтахтимиздаги тарихий-маданий масканларда кўнгилочар тадбирлар уюштирилди. Ғолиблар ва бир гуруҳ ташаббускор ёшлар сертификат билан тақдирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати