Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ИЛМИЙ-ПЕДАГОГИК ФАОЛИЯТ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

09 Октябрь 2022, 05:10

1300

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида олий таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича мақсадли йўналишлар белгилаб берилган. Айни устувор вазифалар илмий-педагогик фаолиятни замон талаблари даражасида йўлга қўйишни тақозо этади.

Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган йиғилиш ана шу долзарб масалага бағишланди. Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишни Академия бошлиғи Рустам Хатамов олиб борди. Қайд этилганидек, ўтган қисқа давр мобайнида соҳа учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди. Таълим жараёни ислоҳ қилиниб, ўқитишнинг самарали механизмлари йўлга қўйилди. Академиянинг илмий салоҳияти сезиларли даражада оширилди.

Йиғилишда илмий-педагогик фаолиятда эришилган ижобий кўрсаткичлар билан бир қаторда, илмий фаолият ва таълим сифатини такомиллаштиришда йўл қўйилаётган айрим камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Таълим маскани раҳбари профессор-ўқитувчилар олдидаги устувор вазифаларга тўхталиб, илмий ва инновацион потенциални ривожлантириш, олий таълимдан кейинги таълим тизимини такомиллаштириш, академик лицейларни ўқув-методик жиҳатдан таъминлаш бўйича ишларни жадаллаштириш кераклигини таъкидлади.

– Ўқув даргоҳимизда ўзига хос илмий мактаблар шаклланган. Илмий тадқиқот фаолиятида, айниқса ёш олимларимиз сафини кенгайтиришда кўп йиллик бой тажрибага эга устозларнинг салоҳиятидан оқилона фойдаланишимиз зарур. Академиянинг халқаро миқёсдаги обрўйи ва нуфузини юксалтириш барчамиздан фидойилик, ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорликни талаб этади, – деди ўқув даргоҳи бошлиғи.

Йиғилиш сўнггида кафедралар раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда илм-фан ва таълим соҳаларини тубдан ислоҳ этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech