Ички ишлар вазирлиги академиясида 2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифаларга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари, Жамоат хавфсизлиги университети, Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали ва бошқа муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда ички ишлар органларининг темир йўл транспортида хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари бошқарув тизимини такомиллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Таълим муассасаси бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари, полковник Руфтулло Нигматов илмий-амалий анжуманнинг устувор йўналишлари ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳодбек Ашматов, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Аъзам Абдураҳмонов, “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти бош мутахассиси Шуҳрат Ибрагимов, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бўлим бошлиғи, подполковник Даврон Ашуров, ИИВ Академияси кафедра бошлиғи, полковник Исомиддин Исмаилов сўзга чиқди.
Анжуман давомида темир йўл транспорти объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали менханизмларини ишлаб чиқиш, тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, бу борада ечимини кутаётган масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати